Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси хизмат сафари доирасида “Давлат белгиси” МЧЖ фаолияти билан танишди
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Раиси Ишметов Тимур Аминджанович махсус муҳофаза элементлари билан таъминланган банкнота, паспорт ҳамда бошқа махсус аҳамиятга эга ҳимояланган полиграфия маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қўлланилаётган замонавий технологиялар билан яқиндан танишиш мақсадида “Давлат белгиси” МЧЖ га ташриф буюрди.

Ташриф давомида Марказий банк раиси корхонанинг учта муҳим ишлаб чиқариш мажмуаси – Қоғоз фабрикаси, Босма фабрикаси ҳамда Зарбхона фаолияти билан танишди. Корхона раҳбарлари томонидан жорий даврда эришилган ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини янада кенгайтиришга қаратилган истиқболли режалар юзасидан батафсил маълумот тақдим этилди.

“Давлат белгиси” МЧЖ Қоғоз фабрикасида бўлиб ўтган мулоқотлар чоғида ишлаб чиқариш ускуналарини модернизatsiя қилиш, технологик жараёнларни автоматлаштириш даражасини янада ошириш ҳамда маҳсулот сифати устидан назоратни таъминловчи илғор бошқарув тизимларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Фабрика ҳудудида Марказий банк раиси пахта толасини тайёрлаш ва қайта ишлаш участкасини ҳам кўздан кечирди. Ушбу жараёнда сараланган пахта толаси бир неча босқичли технологик ишловдан ўтказилиб, юқори сифат кўрсаткичларига эга бир жинсли целлюлоза массаси шакллантирилиши ҳақида маълумот берилди.
Босма фабрикага ташриф доирасида юқори даражада муҳофазаланган полиграфия маҳсулотларини ишлаб чиқариш технологиялари намойиш этилди. Жумладан, банкноталар, хорижга чикиш паспортлари, таълим тўғрисидаги ҳужжатлар ҳамда акциз маркаларини тайёрлаш жараёнлари билан таништирилди.

Корхона раҳбарияти томонидан маҳсулотларни қалбакилаштиришдан ишончли муҳофаза қилишга хизмат қилувчи замонавий ҳимоя элементлари намуналари тақдим этилди. Шунингдек, иштирокчилар ҳимояланган компьютер дизайнини ишлаб чиқиш жараёнлари ҳамда махсус босма технологияларини қўллаш орқали маҳсулотларнинг хавфсизлик даражасини таъминлаш механизмлари билан атрофлича танишдилар.

Ташрифнинг якуний босқичи сифатида Марказий банк раиси “Давлат белгиси” МЧЖ Танга зарб қилиш Зарбхонаси фаолиятини кўздан кечирди. Ишлаб чиқариш майдонларини ўрганиш жараёнида замонавий танга ишлаб чиқариш технологиялари, зарб қилишнинг барча босқичларида амал қиладиган технологик жараёнлар ҳамда маҳсулот сифати устидан олиб бориладиган кўп босқичли назорат тизими ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мазкур ташриф мамлакатда муҳофазаланган полиграфия маҳсулотлари ва пул белгилари ишлаб чиқариш соҳасида жорий этилаётган инновatsiон ечимлар, юқори технологияли ишлаб чиқариш инфратузилмаси ҳамда тармоқни янада ривожлантиришга қаратилган устувор йўналишлар билан яқиндан танишиш имконини яратди.
